МАСЪУЛИЯТНИ ЧУҚУР ҲИС ЭТИБ, ТИББИЙ ХИЗМАТ ДАРАЖАСИНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРАЙЛИК!

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали катта мажлислар залида вилоят тиббиёти фаоллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов томонидан Наманганда аҳолини тиббиётдан рози қилиш учун янги тизим яратиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан кенгашиб олинди.


Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аброржон Алижонов вилоят тиббиётидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида маъруза қилди. Нотиқ таъкидлаганидек, соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар самараси юртимиз саломатлик посбонлари фаолиятида ўз аксини топиши керак. Тиббиёт масканларида беморларга қулай шароитлар яратиш билан бирга уларга ҳушмуомалалик билан муносабатда бўлиш даркор. Тиббиёт ходимлари муомала маданиятини кўтариш лозим. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишлари барҳам топиши, намунали хизмат кўрсатилиши учун барча шарт-шароит яратилиши бугунги куннинг талабидир.
Чортоқ туманида татбиқ этилаётган соғлиқни сақлашнинг янги модели боис тиббий хизмат даражасида ўсиш кузатилмоқда. Бугун эл дардига дармон бўлиш натижадорлигини янада кўтаришга қаратилган интилишлар бутун вилоятни қамраб олиши мақсадга мувофиқдир. Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар ҳаракати доирасидаги фаолиятни давом эттириш заруриятини давр тақозо этмоқда.
Рақамлаштириш жараёнини янги босқичга кўтариш лозим. DMED тизими барча соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятида шаффофлик, самарадорлик омили бўлмоқда. Электрон рецепт асосида дори воситалари етказиб берилиши ҳам татбиқ этилаётган муҳим янгиликлардан биридир. Қолаверса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини тубдан такомиллаштириш ғоят муҳимдир.

Йиғилишда оналик ва болалик муҳофазасига оид, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ишини янада яхшилаш, Фахрийлар Кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш, хусусий секторни такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, пуллик тиббий хизматни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, дори-дармон таъминоти ва бошқа долзарб масалалар бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.