Қандай озиқ-овқат маҳсулотлари кучли аллергик реакцияга сабаб бўлади?

(Давоми)

Маълумотларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари орасида фақат туз ва шакаргина аллерген ҳисобланмайди. Қолган ҳар қандай ноз-неъмат қайсидир ўринда ёки даражада аллергияга сабаб бўлиши мумкин.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова энг аллерген ҳисобланган шундай маҳсулотлар ҳақида ҳам маълумот берди.

— Товуқ тухуми кенг тарқалган аллергенлар жумласидан, — дейди И.Разикова. — У болаларда учрайдиган озиқ-овқат аллергиясининг сабабчиларидан бири ҳисобланади. Таркибида протеинлар, сув, ёғ ва оқсиллар мавжуд.

Оқсиллар гуруҳлари овальбумин, овомуеоид, овотрансферрин ва овомуцинларни ўз ичига олади. Улар молекуляр даражада ўрганилганда, Gal d1, Gal d2, овомукоид, Gal d3, Gal d4 аллергенлари аллергик реакцияларга сабаб бўлиши ўрганилди.

Баъзилар тухум оқини бемалол истеъмол қилади-ю, сариғини кўтара олмайди ёки аксинча. Тухум қайнатилган ёки қовурилганда, оқининг антиген хусусияти камаяди.

Бундай кишиларда бошқа парранда тухумлари ҳам бир хил реакция пайдо қилади. Тухумга аллергияси бор кишиларнинг аксариятида товуқ катаги ёки парранда фермаси ҳидига аллергия ҳолати кузатилади.

Балиқ — кучли антиген. Бу маҳсулотга аллергияси бор кишилар ҳаётига уни тайёрлаш жараёнида тараладиган ҳид ҳам хавф туғдириши эҳтимоли бор.

Балиқ гўштида парваальбумин ва тропомиозин оқсил гуруҳлари мавжуд. Молекуляр даражадаги ўрганишлар унинг таркибида аллергияга сабабчи бўлиши мумкин Cyp c1, Gad c 1, Gad m 1 аллергенлари борлигини тасдиқлади.

Буғдой ва соя ҳам баъзида аллергик реакцияларни келтириб чиқаради. Масалан, дуккакли ўсимликлардан олинадиган соя маҳсулотига аллергияси бор беморларда кўпинча сигир сутига ҳам аллергик реакция кузатилади.

Соя таркибини молекуляр даражада ўрганиш натижасида унинг таркибида аллергияга сабабчи бўлиши мумкин бўлган Gly m 1, Gly m 5, Gly m 6 аллергенлари мавжудлиги маълум бўлди.Гўшт маҳсулотлари орасида эса парранда гўшти бошқаларига нисбатан кўпроқ антиген хусусиятга эга.

Мева-сабзавотлар ўртасида цитрус мевалар, қулупнай ва ертут кўпроқ аллергия қўзғайди. Ёнғоққа аллергияси бўлганларнинг аксарияти эса ушбу мева дарахти чангига ҳам таъсирчан бўлади.

Айниқса, ерёнғоқ кучли аллерген ҳисобланади. Бу маҳсулот кўп ҳолларда анафилактик реакцияга сабаб бўлади.

Шоколад, какао, жавдар, жўхори, гуруч, арпа каби маҳсулотлар эса кучсиз антиген хусусиятга эга бўлиб, жиддий асоратларни келтириб чиқармайди.

Хўш, озиқ-овқат аллергияси қандай белгилар билан намоён бўлади?

(Давоми бор!)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.